29 октябрь, чоршанба куни Латвия чегарасида НАТО қирувчи самолётлари Россиянинг еттита ҳарбий самолётларини тутиб қолди. Бу ҳодиса бир сутка ичида иккинчиси бўлди. Бу ҳақда Латвия мудофаа вазирлиги Twitter-аккаунтида хабар берилди.

Foto: wikipedia.org

Фото: wikipedia.org

Болтиқбўйидаги базада жойлашган F-16 самолётлари дастлаб иккита Су-24 қирувчи-бомбардимончиларни, кейинроқ эса иккита Су-24, иккита МиГ-31 қирувчи-тутувчилари ва битта Су-27 қирувчидан иборат самолётлар гуруҳини тутиб қолди. Баёнотда айтилишича, бир кун аввал шунга ўхшаш воқеа кузатилиб, еттита Россия самолётлари НАТО қирувчилари томонидан тутиб қолинган эди.

Латвия идорасидагиларнинг таъкидлашича, Россия самолётлари НАТО ҳаво ҳудудига бузиб кирмаган. НАТО матбуот хизмати альянс авиацияси сўнгги икки кун ичида Болтиқ, Шимолий ва Қора денгиз ҳудудларида парвозларни амалга оширган Россия самолётларини тутиб қолиш учун тўрт марта сафарбар қилинганини қайд этди. Россия Мудофаа вазирлиги эса бундай баёнотларга ҳеч қандай изоҳ берганича йўқ.