Суд Панаманинг собиқ диктатори Мануэль Нореганинг машҳур Call of Duty отишма ўйинлари ишлаб чиқувчиси – Activision компаниясига қарши даъвосини қаноатлантирмади. Бу ҳақда Эурогамер порталига асосланиб Kun.uz хабар бермоқда.

Foto: AFP

Фото: AFP

Норега Activision’ни 2014 йил июлида судга берганди. Бунга Call of Duty: Black Ops II шутерида айнан собиқ диктаторга ўхшаш персонаж киритилгани, у одамларни ўғирловчи, қотил ва давлат душмани сифатида кўрсатилгани сабаб бўлганди.

Ҳозирги вақтда Панама қамоғида ўтирган Нореганинг сўзларига кўра, Activision унга етказилган маънавий зарар ўрнини қоплаши, шунингдек, берухсат унинг образидан фойдаланганлиги учун жавоб бериши керак.

Норега ўз даъвосида айнан унинг қиёфаси пайдо бўлгани II’$/ЭХ$нинг машҳур бўлиб кетишига сабаб бўлганини қайд этиб ўтган ва шу сабабли ўйин муаллифларидан қўлдан чиқарилган фойда учун товон пули тўлашни ҳам талаб қилганди.

Activision адвокатлари эса ушбу айбловларни мантиқсиз деб аташди ва кўплаб бадиий асарларда – китоблар ва телефильмлардан тортиб видеоўйинларгача барчасида асос қилиб ҳақиқий ҳаётда содир бўлган воқеалар танлаб олинишини маълум қилди.

Судья Вилям Фейхи Activision фойдасига ҳукм чиқараркан, Black Ops II ўйини Нореганинг образи сабаб эмас, балки Activision’нинг ўз саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ муваффақиятга эришганини қайд этиб ўтди.

Мануэль Норега Панама миллий гвардиясининг собиқ бош қўмондони бўлиб, 1983−1989 йилларда у амалда давлат раҳбари бўлган. 1992 йили у гиёҳванд моддалар билан савдо қилиш ва террорчиликни қўллаб-қувватлаш айби билан АҚШда 40 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кейинроқ, 2010 йили уни Францияга топширишган – бу ерда собиқ диктатор пул ювишда айбланиб, етти йилга қамалган. Орадан бир йил ўтиб Норега Панамага топширилди – у 1995 йилдаёқ Панама суди томонидан сиёсий рақибларини йўқ қилгани учун 20 йилга сиртдан қамалганди.