АҚШ мудофаа вазири Чак Ҳейгел Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик эпидемияси тарқалиб кетган Ғарбий Африка давлатларидан қайтаётган америкалик барча ҳарбий хизматчилар учун 21 кунлик карантин жорий қилишни буюрди. Бу ҳақда Пентагон расмий вакили контр-адмирал Жон Кирбига таяниб ТАСС хабар бермоқда.

Chak Heygel. Foto: Associated Press

Чак Ҳейгел. Фото: Associated Press

Унинг айтишича, Ҳейгел, шунингдек Африка мамлакатларига Эбола эпидемиясига қарши курашда ёрдам берган аскарлар ва зобитларни карантинда сақлашнинг батафсил режасини ишлаб чиқишни ҳам буюрган. Бу ушбу хавфсизлик чоралари ўзини оқлаш-оқламаслиги ва келажакда ҳам уларни қўллашда давом этиш-этмаслик бўйича хулоса чиқаришга ёрдам бериши кўзда тутилган.

АҚШ Эбола эпидемиясига қарши курашиш учун 4 минг нафаргача ҳарбий хизматчисини Ғарбий Африкага юбормоқчи. Айни пайтда минтақада, асосан Либерияда, мингга яқин АҚШ ҳарбийлари бор.