Швеция ҳукумати Фаластинни давлат сифатида расман тан олди. Бу ҳақда, қироллик Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига асосланиб, Agence France-Presse ахборот агентлиги маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz.

45enord.ca

45enord.ca

Шундай қилиб, Швеция Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар орасида биринчи бўлиб Фаластинни давлат сифатида тан олди.

BBC News’нинг қайд этишича, Венгрия, Польша ва Словакия каби мамлакатлар Европа Иттифоқига аъзо бўлиб киришларидан аввалроқ Фаластинни давлат сифатида расман тан олиб бўлишган.

Швециянинг янги бош вазири Стефан Левен 3 октябрдаёқ расмий Стокгольмнинг Фаластинни давлат сифатида тан олиш ниятини маълум қилганди.

Маълумот учун, Фаластинни шу вақтгача 130дан ортиқ мамлакат расман тан олган бўлиб, улар Ўзбекистон ҳам бор. Ўзбекистон ва Фаластин ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1994 йил сентябрида ўрнатилган.

Шунга қарамай, Фаластин БМТ аъзоси ҳисобланмайди – БМТга аъзо бўлиши учун Фаластин ташкилотга аъзо мамлакатларнинг 2/3 қисми томонидан тан олинган бўлиши, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидан ҳеч бири Фаластиннинг ташкилотга қўшилишини вето қилмаслиги керак.

Эътиборли томони, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидан учтаси – АҚШ, Буюк Британия ва Франция Фаластинни давлат сифатида тан олмаган.