Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 31 октябрь куни Россия бошқалар томонидан тинмай мажбур қилинаётган конфронтация ҳаракатларини амалга оширмаслиги, аксинча, ҳар қандай масала бўйича тенг ҳуқуқли диалог тузишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Vladimir Putin. Foto: ria.ru

Владимир Путин. Фото: ria.ru

«Биз глобал ва минтақа кун тартибида бўлган барча муаммолар бўйича тенг ҳуқуқли ва ҳурматга асосланган диалог тузиш учун очиқмиз.

Бизнинг ҳарбий доктринамиз мудофаа хусусиятига эга. Уни амалга оширишдаги энг асосий вазифа мамлакат суверенитетини, фуқароларимизнинг тинчлик ва осойишталигини ҳимоя қилишдир», — деди президент олий офицерларни юқори мансабларга тайинлаш ва унвон бериш муносабати билан Кремлда бўлиб ўтган учрашувда.

Шунингдек, Россия етакчиси қуролли кучлар ҳамда миллий хавфсизликка жавоб берувчи бошқа соҳаларни такомиллаштириш бўйича белгиланган барча режаларни кетма-кетлик билан аниқ бажариш лозимлигини қайд этди.