Россиядаги Внуково аэропортида ҳалокатга учраган Франциянинг Total компанияси президенти Кристоф де Маржерининг  Falcon самолёти иши бўйича учинчи кишига айблов эълон қилинди, деб хабар берди «Ведомости».

Foto: fedpress.ru

Фото: fedpress.ru

Тергов қўмитаси 31 октябрь куни аэропортнинг аэродром хизмати муҳандиси Владимир Леденёвга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-банди (ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиб, икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимини келтириб чиқариш)да кўзда тутилган жиноятларни содир қилиш бўйича айблов қўйилди. Леденёв айбланувчи сифатида тергов қилинди. У айни пайтда ҳибсда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, стажёр диспетчер Светлана Кривсун ҳамда аэропорт диспетчери Александр Кругловга нисбатан худди шундай айблов эълон қилинган эди. Тергов қўмитаси яқин орада парвозлар раҳбари Роман Дунаев ва қор тозаловчи машина ҳайдовчиси Владимир Мартиненкога ҳам айблов эълон қилмоқчи эканлигини билдирган.

Аввалроқ, 21 октябрга ўтар кечаси Total президенти Кристоф де Маржери ва уч экипаж аъзоси ўрин олган енгил двигателли самолёт Внуково аэропортида қор тозаловчи машина билан тўқнашиб кетиши оқибатида самолётдаги барча кишилар ҳалок бўлгани хабар берилган эди.