Ўзбекистонда бўлиб турган Россия императорлик уйи (РИУ) девонхонаси маслаҳатчиси Кирилл Немирович-Данченко 31 октябрь куни РИУ раҳбари Буюк княз аёли Романова Мария Владимировна Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг авлоди эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Регнум» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Romanova Mariya Vladimirovna. Foto: ria.ru

Романова Мария Владимировна. Фото: ria.ru

«Бу ‘Минг бир кеча’ эртаги эмас, бутун мусулмон олами томонидан тан олинган юридик фактдир. Дунёда пайғамбар авлоди эканлиги исботланган бир неча ўнлаб кишилар яшайди. Шундай бўлиб чиқдики, Романовлар сулоласи вакилларида ҳам Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарнинг қони оқмоқда», — деди Немирович-Данченко.

Девонхона маслаҳатчиси ҳозирда Буюк княз аёли Мария Владимировнанинг 3—15 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюриши учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.

Немирович-Данченконинг таъкидлашича, Мария Владимировна Ўзбекистонга ташриф буюрган Россия императорлик уйи раҳбарларидан биринчиси бўлади. Ўзбекистонга ташрифи доирасида Буюк княз аёлининг Урганч, Хива, Самарқанд, Қўқон ва Бухоро шаҳарларини, мазкур шаҳарлардаги православ ибодатхоналарини зиёрат қилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Мария Владимировна Ўзбекистон ТИВ вакиллари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раҳбарияти ҳамда россияликлар билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.