Боливия президентлигига учинчи марта қайта сайланган Эво Моралес янги президент саройининг қурилиши бошланиши тўғрисидаги шартномани имзолади, деб хабар бермоқда «Сегодня». Давлат раҳбарининг ҳозирги қароргоҳи XVI асрда испанлар томонидан қурилган бинода жойлашган.

Evo Morales. Arxiv. Foto: zimbio.com

Эво Моралес. Архив. Фото: zimbio.com

Моралеснинг сўзларига кўра, янги сарой лойиҳаси асосида Колумб Америкага келишидан анча олдин мавжуд бўлган қадимги ҳиндуларнинг Тиауанако цивилизацияси меъморлик ғоялари ётади. Янги бинодаги ҳинду безаклари Боливия халқига испан мустамлакачилари томонидан йўқ қилинган бой мадданиятни эслатиб туриши айтилган.

Лойиҳага биноан, 29 қаватли бино вертолёт майдончаси, ҳиндуларнинг анъанавий маросимлари ва тантаналарини ўтказиш учун махсус жой, шунингдек, минг кишилик томоша залига эга бўлади. Янги саройнинг қурилиши 36 миллион долларга тушиши айтилмоқда.