Швециялик олимлар дунёда биринчи бўлиб носвой таркибини аниқлади. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.

Foto: stanradar.com

Фото: stanradar.com

Нашрнинг эслатишича, аввалроқ Қозоғистон олимлари шу пайтгача таркиби ўрганилмаган ушбу маҳсулотни тўлиқ таҳлил қилмоқчи бўлган. Бироқ бу ердаги лабораториялар бундай экспертиза ўтказиш учун яроқсиз бўлиб чиққани туфайли Қозоғистондан сотиб олинган носвой намунаси Стокгольмдаги Жаҳон соғлиқни сақлаш лабораториясига жўнатилди.

Швеция олимлари ушбу носвойда хром, никель, кадмий, қўрғошин ва маргимуш борлигини, ушбу моддаларнинг барчаси мумкин бўлган миқдордан ортиқ эканлигини аниқлади. Чунончи, никель меъёрдан 5,1 марта, хром — 17 марта, қўрғошин 38 марта кўп бўлган, маргимуш эса чайналадиган тамаки таркибида умуман бўлмаслиги керак. Шунингдек, носвойнинг қўлда, санитария қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда тайёрланганидан дарак берувчи турли касаллик қўзғатувчи микроблар топилди.

Бундан ташқари, носвой таркибидаги тамакида саратон касаллигини келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар миқдори меъёрдан тўрт марта ортиқ эканлиги аниқланган. Бундай моддалалрнинг шаклланишига имкон яратувчи нитрит-ионлар эса мумкин бўлган миқдордан 91 марта кўп эканлиги маълум бўлди.

Бундай натижалар орқали тадқиқотчилар Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда носвойни тақиқлаш мақсадга мувофиқ бўлади, деган хулосага келишди.