27 октябрь куни россиялик астроном олимлар томонидан аниқланган астероид яқин икки йил давомида Ерга хавф солмайди. Бу ҳақда Сибирь давлат геодезия академияси қошидаги планетария мутахассиси Виктория Даммга таяниб, ТАСС хабар берди.

Foto: “TASS”

Фото: ТАСС

«2014 UR116 астероидининг аниқ траекториясини аниқлаш ҳозирча мумкин эмас. Бироқ у ҳақиқатан Ер билан, шунингдек Марс ва Венера билан тўқнашиши мумкин», — деди Дамм.

Унинг айтишича, ушбу астероид доимий равишда Ер, Венера ва Марс таъсири остида бўлади. Масалан, агар у Марс ёнидан учиб ўтса, ҳаракат траекторияси ўзгариб кетади. Шу туфайли тўқнашув юзага келиши мумкин бўлган муддат ҳозирча номаълум, бироқ бу яқин икки йил ичида содир бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, Россияда ягона бўлган, маҳаллий мутахассислар томонидан яратилган «Мастер» телескоп роботлар тармоғи потенциал хавфли бўлган астероидни кашф қилган эди.

У Ер билан тўқнашган тақдирда, Челябинскдаги метеорит портлашидан минг марта кучли портлаш юзага келиши мумкин.

370 метрли янги астероид 2014 UR116 номини олди. У «Мастер» тармоғи томонидан аниқланган учинчи ва энг йирик шундай объектдир. Қолган иккита астероид — 2013 SW24 ва 2013 UG1’нинг ҳажмлари тегишли равишда 250 ва 125 метрга тенг.