Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган масжидлардан бирининг имом-хатиби Ғанижон Мухторов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эҳсон қутисидаги пулларни ўзлаштиргани ошкор қилинди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.

Arxiv. Foto: beautifulmosques.com

Архив. Фото: beautifulmosques.com

Бу шахс масжид мутаваллиси Жаббор Шукуров билан биргаликда қутидаги пулларни ажратиб қўйишни бошладилар. Кўп ўтмай эса бу пулларга ҳам қаноат қилмай қолишди. Энди улар масжид учун эҳсон қилинаётган, шунингдек, турли маросимлардан келиб тушаётган маблағларни ҳам ўзаро тақсимлай бошладилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан олиб борилган текширув ишлари давомида 2011-2013 йиларда эҳсон қутисига келиб тушган 18 миллион сўм миқдоридаги хайрия маблағи белгиланган тартибда масжид ҳисобига кирим қилинмай, шунингдек, банк муассасасига ҳам топширилмай, иш ҳақи ва бош­қа мақсадлар ниқоби остида ўзаро тақсимлаб келингани маълум бўлди.

Ушбу маблағдан 8 миллион 740 минг сўми Ғанижон Мухторовнинг, 1 миллион 950 минг сўми эса Жаббор Шукуровнинг шахсий эҳтиёжи учун сарф­лаб юборилган бўлиб, қолган 7 миллион 310 минг сўми турли мақсадларга харжланиб, масжид манфаатларига анча миқдорда зарар етказилган.

Эгриликка йўғрилган ишларни «пухта» қилиш, ўзлаштирилган маблағларни яшириш ҳамда жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида ҳар ярим йилда масжиднинг молиявий ва хўжалик фаолияти юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига топширилган ҳисоботларда масжид ҳисобига келиб тушган пул маблағлари камайтириб кўрсатилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ҳукмига кўра Ғанижон Мухторов ҳамда Жаббор Шукуров Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан айбдор деб топилдилар ва уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.