Rolls-Royce компанияси фақатгина Дубайдаги мижозлар учун мўлжалланган Maharaja Phantom Drophead Coupe кабриолетини тақдим этди. Бу ҳақда Worldcarfans ахборотига таяниб, «Кун» хабар бермоқда.

Rolls-Royce Phantom Drophead Coupe Maharaja. Foto: Gazeta.ru

Rolls-Royce Phantom Drophead Coupe Маҳаража. Фото: Gazeta.ru

Ишлаб чиқарувчи вакилларининг сўзларига кўра, автомобилни тайёрлаш вақтида Ҳиндистон «олтин асри» санъатидан илҳом олинган.

Кабриолет ҳинд маҳаражаларининг Rolls-Royce билан «энг узоқ давом этган муносабатлари» шарафига ишлаб чиқарилган.

Қайд этилишича, сўнгги 50 йил давомида Ҳиндистоннинг бадавлат шахслари 840 дан ортиқ Rolls-Royce автомобилларини сотиб олган.

Янги кабриолет яшил чизиғи ва Ҳиндистоннинг қадим тимсоли — товус тасвири туширилган оқ рангли кузови билан ажралиб туради. Қушнинг тасвири ўриндиқларнинг бош қўядиган қисмига туширилган.

Автомобилнинг техник кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолган — машина ҳажми 6,7 литр ва 460 от кучига эга 12 цилиндрли двигатель ва саккиз босқичли автомат узатмалар қутиси билан таъминланган.

Автомобиль махсус версиясининг нархи ҳозирча ошкор қилинмаяпти.