Ўзбекистон Республикаси Олий судида «Судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалалари» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Foto: taszhargan.info

Фото: taszhargan.info

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, шунингдек, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Корея Республикаси, Словения, Болгария, Мальтадан халқаро экспертлар, Ўзбекистон Олий суди ва Олий хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари, ҳуқуқ соҳаси олим ва мутахассислари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари Президент Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

«БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистон билан кўплаб йўналишларда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда, — деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. — Ўзбекистон Олий суди билан ҳамкорликда суд фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа яхши самара бермоқда».

Халқаро экспертлар Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, «электрон ҳукумат» ва электрон ҳужжат айланишини ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани юксак баҳолади. Соҳада ўзлаштирилаётган илғор технологиялар судлар фаолиятини тўлиқ ахборотлаштириш ва суд ишини электронлаштиришни кенгайтириш имконини бераётгани таъкидланди.

«Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдик, — деди Корея Республикаси Олий суди судьяси Йом Хожун. — Мамлакатингизда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишни кенгайтириш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар эътиборга моликдир».

Экспертлар Ўзбекистон хўжалик судлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий қилиш бўйича амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди. Ушбу судларда 2013 йилнинг 1 сентябридан даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда қабул қилиш тартиби жорий этилган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ўз хоҳишига кўра, Олий хўжалик суди веб-сайти орқали истаган хўжалик судига нафақат даъво аризаси ва илтимоснома, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида эътироз киритиш ҳақидаги ариза билан ҳам мурожаат қилмоқда.

2014 йил 1 сентябридан хўжалик судларида суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Бундай тизим тадбиркорлик субъектларига ўзлари жойлашган ҳудуддаги хўжалик суди биносида туриб, бошқа ҳудудда бўлаётган суд мажлисида видеоконференцалоқа орқали иштирок этиш имконини бермоқда.

Семинар қатнашчилари судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши ошкора ва одил судловни таъминлаш, судларда ҳужжат айланиш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, жамиятда ҳуқуқий билимлар тарғиботини кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Анжуманда судлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба ва миллий амалиёт, судларда ахборот технологияларини жорий этиш тенденциялари, суд ишини электрон услубда юритиш, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда ахборот хавфсизлиги масалалари ва бошқа долзарб мавзуларга бағишланган маърузалар тингланди.

Халқаро семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг «Фуқаролик судловини такомиллаштириш: самарали суд бошқаруви» қўшма лойиҳасини амалга ошириш натижалари билан танишди. Улар фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида бўлиб, «E-SUD» суд ишини электрон услубда юритиш тизимининг тақдимот маросимида иштирок этди.

«Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг татбиқ этилиши судлов ишлари жараёнини тезлаштириш имконини беради, — деди ахборот-коммуникация технологиялари масаласи бўйича мустақил эксперт Адриан Авеллино (Мальта). — ‘E-SUD’ суд ишини электрон услубда юритиш тизими лойиҳаси менда катта таассурот қолдирди. Бу тизим жуда самарали ва равон ишлашига гувоҳ бўлдик. ‘E-SUD’ Ўзбекистонда суд тизимини янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишига аминмиз».

Халқаро семинар қатнашчилари судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш механизмларини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқди.