Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ҳайдовчиларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини интерактив тарзда ўргатувчи AvtoTest 2.0 электрон дастури тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Foto: Avtotest

Фото: Автотест

Унда ушбу дастур яратувчилари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Ж. Солиҳов, AvtoTest Report компанияси ижрочи директори Б. Иноғомов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш, таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш каби соҳаларга инновацион технологияларни кенг жалб этиш, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Foto: Avtotest

Фото: Автотест

AvtoTest 2.0 йўл ҳаракати қоидаларини ўрганишни янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган инновацион ўқув дастуридир. Унинг биринчи версияси 2012 йил 12 декабрда тақдим этилган эди. Мазкур дастур Ўзбекистондаги барча автомактабларда кенг татбиқ этилиб, ҳайдовчиларнинг билим даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

Foto: Avtotest

Фото: Автотест

AvtoTest 2.0 электрон ўқув қўлланмасининг мазкур версияси 276 соатлик ўқув дастурини ўз ичига олиб, икки мингдан ортиқ 3D форматдаги видео-тренинг ва анимацияларни қамраб олган. Қўлланма «Йўл ҳаракати қоидалари», «Автотранспорт воситаларининг тузилиши ва уларга техник хизмат кўрсатиш», «Автотранспорт воситаларини хавфсиз бошқариш ва ҳаракат хавфсизлиги асослари» ҳамда «Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш» каби бўлимлардан иборат. Дастурдан етти тилда фойдаланиш имконияти яратилгани чет эллик фойдаланувчилар учун ҳам айни муддао.

Foto: Avtotest

Фото: Автотест

Дастур орқали осон интерактив таълим олиш мумкин. Бундан ташқари, яқин кунларда дастурдан уйда, сафар вақтида фойдаланиш имконияти яратилади. Мобил алоқа телефонлари учун ҳам махсус иловани яратиш кўзда тутилган.

Foto: Avtotest

Фото: Автотест

Дунёнинг аксарият мамлакатларида «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг қарийб 80 фоизи деярли бир хил бўлгани учун ушбу дастурий маҳсулотни ҳар қандай бозорга осон мослаштириш мумкин.