Москвадаги «Домодедево» аэропортида «VIМ-Авиа» авиакомпаниясининг Андижонга учадиган рейси ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли қарийб бир суткага ушланиб қолди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».

Foto: vim-avia.com

Фото: vim-avia.com

Жадвал бўйича, «VIМ-Авиа» авиакомпаниясининг NN-997 рейси билан учувчи Boeing 757-200 самолёти 4 февраль куни Москва вақти билан соат 22:40 да ҳавога кўтарилиши керак бўлган, бироқ юқорида келтирилган сабаб туфайли самолёт 5 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 20:47 да учиши кутилмоқда.

Авиакомпаниянинг қайд этишича, туман туфайли аэропортда 50 метрдан узоқни кўриб бўлмаяпти. Парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рейс вазият яхшилангунча қолдирилган. Йўловчиларга иссиқ овқат ва ичимликлар тақдим этилган. Аэропортни тарк этишни истаганларни меҳмонхоналарга жойлаштиришга қарор қилинган. Ушбу рейс учишини жами 218 нафар йўловчи кутмоқда. 133 йўловчи рейс қолдирилиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилган ва улар аэропортга келмаган.