Страсбургдаги Европанинг инсон ҳуқуқлари бўйича суди Россияга Воронеждаги милиция бўлимида қийноққа солинган Ўзбекистон фуқароси Рашид Раззоқовга 20 минг евро тўлаш мажбуриятини юклади, деб хабар бермоқда «РИА Воронеж».

Фото: gazeta.ru

5 февраль куни суд сайтида эълон қилинган қарорда айтилишича, Россия расмийлари Қийноқларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция меъёрларини бузган. Раззоқов милиция бўлимида қийноққа олинган, бироқ айбдор ҳалигача топилмаган.Товон пулидан ташқари Раззоқовга суд харажатлари учун 3,3 минг доллар тўлаш лозимлиги ҳам айтилган.

Фото: "РИА Воронеж"

Қайд этилишича, Раззоқов 2002 йилдан буён Воронеж вилоятида ишлаб, ҳар қиш мавсумида Ўзбекистонга қайтган. 2009 йилда милиция уни асоссиз равишда тутиб, уч сутка давомида қийнаган. У қотилликни тан олиши учун оёғи билан ломга осишган, бошига шиша билан уришган, қулоқларига сим улаб, ток урдиришган, суякларини синдиришган. Оқибатда Раззоқов ўзи содир этмаган қотилликни тан олишга мажбур бўлган. Бироқ терговчи унинг кўрсатмаларидаги ноаниқликдан у айбдор эмаслигини англаб, уни озод қилган.

Шундан кейин Раззоқов қийноқлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилганида унга депортация билан таҳдид қилишган. Бироқ у охиригача борган ва туман суди руҳий зарар учун 840 минг рубль – 20 минг евро миқдорида тўланишини тайинлаган, бироқ айбдор жазоланмаган. Шундан кейин Раззоқов Европа судига мурожаат қилган. Страсбург суди иш фақатгина товон пули тўлаш билан, айбдорлар жазоланмасдан якунланиши тўғри эмаслигини таъкидлаган.