Янги автомобиль сотиб олганларнинг кўпчилиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларида рўйхатдан ўтказилганидан қанча вақт ўтиб дастлабки техник кўрикдан ўтказиш лозимлиги масаласига дуч келади, деб ёзади «Gazeta.uz».

Foto: gazeta.uz

Фото: gazeta.uz

Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари икки йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади. Шунингдек, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмаслиги белгиланган.

Ушбу Низомга асосланиб, кўплаб ҳайдовчилар янги автомобиль дастлабки беш йилда 2+2+1 схемасида техник кўрикдан ўтказилиши керак, деб ҳисоблайди. Буроқ, ДЙҲХХ ходимлари ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини текширганда автомобилдан фойдаланишнинг биринчи йили давомида техник кўрикдан ўтказилиши лозимлигини таъкидлайди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Низомнинг 5-бандига асосланиб «Gazeta.uz»га маълум қилишича, транспорт воситалари ишлаб чиқарилган йили ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатга олинган санасидан бошлаб бир йил давомида техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Йилда икки марта техник кўрикдан ўтказиладиган тижорат асосида йўловчи ташиш учун фойдаланиладиган авомобиллар бундан мустасно.

Жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситасини навбатдаги техник кўрикка қўйиш санаси жорий кўздан кечириш пайтида ДЙҲХХ органлари ходимлари томонидан белгиланади. Техник кўрикни бир текис ўтказиш мақсадида ДЙҲХХ органлари жадваллар тузиши ва транспорт воситалари эгаларига транспорт воситаларини техник кўрикка қўйишнинг аниқ саналари (ойлари)ни тавсия этишлари мумкин.