Тунис махсус хизматлари мамлакат пойтахтидаги Бардо миллий музейига ҳужумда қатнашган жангарининг икки нафар оила аъзосини ҳибсга олди, дея хабар берди ТАСС ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилига таяниб.

Foto: “TASS”

Фото: ТАСС

«Биз террорчи Ҳотам ал Ҳашауийнинг отаси ва синглисини қўлга олдик», — деди у, бироқ уларнинг қандай ҳибсга олинганига ойдинлик киритишдан бош тортди.

Аввалроқ Тунис ҳукумати музейга уюштирилган ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб тўққиз кишини ҳибсга олган эди. Уларнинг беш нафари бевосита террорчилик ҳаракатига тайёргарлик кўришда қатнашган бўлса, қолган тўрт нафарининг ҳужумни уюштирган икки жангарига боғлиқлиги бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 18 март, чоршанба куни Тунис пойтахтидаги  Бардо миллий музейида жангарилар сайёҳлар гуруҳини гаровга олди, музейга ҳужум қурбонлари сони 21 кишини ташкил этди.

Ҳалок бўлганлар орасида Германия, Италия, Польша ва Испания каби давлатлардан келган туристлар бор. Шунингдек икки нафар тунислик — тинч аҳоли вакили ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходими террорчилик қурбонига айланди.