Жорий йилда Ўзбекистонда 550 минг мобил телефон ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Президент Ислом Каримовнинг «2015−2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги Фармонига биноан, 2020 йилгача бу кўрсаткич йилига 1,05 млн. донани ташкил қилади, деб хабар бермоқда «Telegraf.uz».

Foto: artel.uz

Фото: artel.uz

Мобил телефонлар ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий бозордаги асосий иштирокчилар − ArtelTrade МЧЖ (Тошкент) ва Pengzhong Xingsheng ҚК МЧЖ (Сирдарё вилояти), дея қайд этмоқда «Экономическое обозрение».

2010 йилда Жанубий Кореянинг Samsung Electronics, Хитойнинг Midea Group ва Changhong компаниялари томонидан асос солинган пойтахт компаниясининг қуввати 500 минг мобил телефон ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

2013 йил июлда Хитойнинг ZTE (H.K.) Limited компанияси ва Peng Sheng ҚК МЧЖ (Ўзбекистон) томонидан умумий қиймати 3,16 миллион долларга тенг мобил телефонлар ишлаб чиқариш бўйича линия ишга туширилди. Компания маълумотига кўра, 2016 йил охирида линия қувватини йилига 500 минг аппарат ишлаб чиқаришгача ошириш кўзда тутилган.