Aznur Travel компаниясига тегишли Тошкентдаги икки қаватли экскурсия автобуслари 15 апрелдан бошлаб ҳар соатда қатновга чиқади. Бу ҳақда Газета.uz хабар бермоқда.

Foto: Gazeta.uz

Фото: Газета.uz

Душанба ва сешанба кунлари экскурсия автобуслари 9:00, 10:00, 12:00, 13:00, 15:00 ва 16:00да, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари соат 9:00дан 17:00гача, шанба ва якшанба кунлари соат 9:00дан 18:00гача ҳар соатда йўналиш бўйлаб ҳаракатни бошлайди.

Икки қаватли автобусдаги Тошкент экскурсияси шаҳар марказидаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасидан бошланади ва 2 соат 45 дақиқа давом этади.

Автобуснинг бир кун давомида амалда бўладиган чиптаси нархи Ўзбекистон фуқаролари учун 25 минг сўм (болалар учун 15 минг сўм), чет эл фуқаролари учун эса Марказий банк курси бўйича 20 доллар.

Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни Aznur Travel томонидан дастлабки иккита даблдекер Тошкент экскурсияси учун сайёҳлик йўналиши бўйлаб қатновга чиқарилган эди. 3 апрель куни Хитойдан навбатдаги бир жуфт даблдекер етиб келгани ҳақида хабар берилган эди.

Сайёҳлик компанияси келажакда икки қаватли экскурсия автобуслари сони ва экскурсия йўналишларини кўпайтиришни режалаштирган.