Ўтган йилнинг декабрь ойида Тошкент ҳайвонот боғида Маша исмли урғочи айиқ болалаган эди. Уларга Памир ва Геркулес деб исм қўйилган бўлиб, эндиликда эгизаклар ҳайвонот боғига келувчилар эътиборига кўрсатилмоқда, деб хабар берди «Uz24.uz». Улар шифокор-ветеринарларнинг доимий назоратида.

Foto: uz24.uz

Фото: uz24.uz

Маълумотларга кўра, Тяньшан қўнғир айиғи қўнғир айиқларнинг камёб тури ҳисобланади. Улар Помир, Тяньшан, Ҳимолай тоғларида учрайди. Айиқларнинг тана кенглиги 140 см, оғирлиги 300 килограмгача бўлади. Асосий ажралиб турувчи жиҳати − олд панжаларидаги узун оқ тирноқларидир. Шу боис уларни оқ тирноқли айиқлар ҳам дейишади.

Айиқлар реза мевалар, хўл мевалар, ёнғоқ ҳамда ҳашаротлар билан озиқланади. Ушбу эгизак айиқларнинг ота-онаси ҳайвонот боғида 10 йилдан буён яшайди. Урғочи айиқ икки йилда бир марта болалайди. Бу сафар у бирйўла иккита айиқни дунёга келтирди. Қайд этиш керак, ушбу айиқ тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.