Ўртаер денгизида ҳалок бўлган ноқонуний муҳожирлар сони 2015 йилда 30 минг кишига етиши мумкин. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Foto: RIA Novosti

Фото: РИА Новости

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) расмий вакили Жоэль Миллман сўзларига кўра, бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан ўн баробар кўп.

Миллманнинг қайд этишича, йил бошидан бери Ўртаер денгизида 1727 нафар муҳожир қурбон бўлган. 2014 йили 3 мингдан ортиқ муҳожир Европа соҳилларига етиб келмай, Ўртаер денгизи сувларида ҳалок бўлганди.

Ўртаер денгизида 17 апрелнинг ўзида 400 ноқонуний муҳожир ва яна 50 киши ҳалок бўлган. ХМТ куни кеча Ливия соҳиллари яқинида бортида жами 500га яқин киши бўлган учта кема оғир аҳволда қолгани ҳақида ахборот олган.

Бундан ташқари, якшанбага ўтар кечаси Ливия соҳиллари яқинида яна 770 киши чўкиб кетган. Айни вақтда, БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича агентлиги маълумотларига кўра, чўкиб кетган кемада 850 киши бўлган, уларнинг фақат 28 нафари қутқариб қолинган, «кема ҳалокати қурбонлари сони 800 кишидан ошиб кетган».