Шайх Саид Афанди ал-Чиркавийнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракатининг уч нафар иштирокчиси умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда, RBC.ru хабарига кўра, Россия Тергов қўмитаси маълум қилган.

Shayx Said Afandi al-Chirkaviy. Foto: Islam.ru

Шайх Саид Афанди ал-Чиркавий. Фото: Islam.ru

Суд Шиҳмирза Лабазанов, Магомед Гаджиев, Магомедала Амирхановни умрбод озодликдан маҳрум этиш, гуруҳнинг тўртинчи аъзоси Аҳмед Исрапиловни 12 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Улар террорчилик, бандитизм, одам ўғирлаш, товламачилик, босқинчилик ва ноқонуний қурол айланмаси билан шуъгулланишда айбдор деб топилган. Айбланувчилар ўзларига қўйилган айбларни тан олмаган, адвокатлар эса уларни оқлашни талаб қилган.

2012 йилнинг август ойида Доғистоннинг Буйнакск туманидаги Чиркей қишлоғида 30 ёшли Аминат Курбанова (Саприкина) таниқли диний арбобнинг қабулига келиб, ўз танасига ёпиштирилган портловчи қурилмани ишга туширган эди.

Тергов маълумотларига кўра, бомба Лабазанов, Гаджиев ва Амирханов томонидан етказиб берилган. Портлаш натижасида 7 киши, жумладан, диний арбобнинг ўзи ҳам ҳалок бўлган.

Доғистондаги сўфийларнинг энг кекса етакчиларидан бири ҳисобланган шайх Саид Афанди ал-Чиркавий Доғистон мусулмонларининг аксарият қисми учун устоз даражасида эди.