Малайзия ҳарбий ҳаво кучлари ўзининг Airbus А400М самолёти парвозларини тўхтатди, деб хабар қилади «РИА Новости».

Airbus A400M 110515

Фото: airliners.net

Ушбу қарор Испаниянинг Севилья шаҳрида худди шундай самолёт парвоз қилганидан бир дақиқа ўтиб қулаганидан сўнг қабул қилинди. 9 май куни содир бўлган ҳалокат натижасида 4 киши ҳаётдан кўз юмди ва 2 киши оғир аҳволда шифохонага келтирилди.

Малайзия Қироллик ҳарбий ҳаво кучлари 2015 йилнинг март ойида илк ишлаб чиқарилган тўртта Airbus А400М’нинг биринчисини қўлга киритганди.

Олдинроқ Туркия, Германия ва Буюк Британия ҲҲК ҳам Airbus А400М парвозларини вақтинча тўхтатишга қарор қилганди.

Испаниянинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Airbus Defence and Space компанияси мутахассислари Севильядаги ҳалокат сабабларини ўрганмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, қулаган Airbus А400М экипажи техник носозликлар ҳақида хабар беришга улгурган.

Airbus А400М — дунёдаги энг катта турбовинтли ҳарбий юк самолёти ҳисобланади ва Airbus Military заводида йиғилади.