2015 йил март ойида ўз уйида ўлдириб кетилган таниқли сухандон Раҳматилла Мирзаевнинг турмуш ўртоғи Раиса Мирзаева «Даракчи» газетасига интервью берди. «Kun.uz»нинг хабар беришича, интервью давомида марҳумнинг рафиқаси ўғли ушбу жиноятга алоқадорлигига шубҳа билдирди.

Foto: “Kun.uz”

Фото: «Kun.uz»

«Биз Раҳматилла ака билан 1975 йилда дугонамнинг туғилган кунида танишганмиз. Ўша йил мен чет тиллар институтини, Раҳматилла ака эса театр санъати институтини тугатдик. У кишини ота-онам билан таништирдим. Аввалига унинг сухандон эканлиги уларга ёқмади. Кейинчалик у билан яқинроқ танишишганидан сўнг ёқтириб қолишди. Кунларнинг бирида Раҳматилла ака илк учрашувлардаёқ орамизда меҳр пайдо бўлганини англаб, ҳаммасини ҳар томонлама ўйлаб кўргани ва якуний қарорга келганини айтди», — деди Раиса Мирзаева.

Бундан ташқари, сухандон оилавий муносабатлари нега дарз кетгани ҳақида сўзлаб, Раҳматилла Мирзаев 8 март куни иккита тўй ҳақида ўз яқинларига маълум қилмоқчи бўлганини айтиб ўтди.

«Таниқли эркаклар атрофида доим ҳар хил аёллар, мухлисалар бўлади. Уларнинг айримлари бировларга тегишли нарсаларга дарҳол эгалик қилишни исташади. Икки нафар фарзанди бор, оилали эркакни йўлдан уришга тайёр аёл бахтимизга соя солди. Афсуски, бундайлар бугун кўплаб бегуноҳ аёллар ва болаларнинг бахтига завол бўлишади. Ҳеч қайси аёл менинг ўрнимда бўлишни истамаса керак. Умр йўлдошим бу ҳодисани ҳаётидаги энг катта хато деб қабул қилган. Йиллар давомида у оиламизни қайта тиклашга интилди. 8 март куни бирйўла иккита тўй ҳақида яқинларимизга маълум қилмоқчи эдик: бу бизнинг қайта оила қуришимиз ва ўғлимизнинг тўйи ҳақида», — деди Раҳматилла Мирзаевнинг собиқ турмуш ўртоғи.

Раиса Мирзаева ўғли Умиднинг отаси билан муносабати яхши бўлганини, шу боис унинг бу жиноятга алоқаси борлигидан шубҳада эканлигини маълум қилди: «Умиднинг ҳаётида ота-она асосий инсон эди. У отасини жуда яхши кўрар, унга ғамхўрлик қилар, тез-тез олдига бориб турар, уйдаги ишларни бажарар, отаси йўқлигида уйда ҳаммасига бош-қош бўларди. Раҳматилла ака болаларидан итоаткор бўлишни талаб қиларди... Ким нима дейишидан қатъий назар, мен ўғлимнинг бу фожеага алоқаси борлигига ишонгим келмайди», — сўзини якунлади Раиса Мирзаева.

Эслатиб ўтамиз, таниқли сухандон Раҳматилла Мирзаев 2015 йил 2 март куни ўз хонадонида ўлдириб кетилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, Раҳматилла Мирзаевнинг қасддан ўлдирилиши ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки тергов натижасига кўра фуқаро Қудрат Шоазизов ва марҳум сухандоннинг ўғли — Умид Мирзаев айбланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.