Тошкент шаҳар ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида «Коммунал хизмат ва ободонлаштириш ҳамда санитария ва ветеринария қоидаларини, шунингдек, шаҳарсозлик ва паспорт тизимига оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни таъминлашда назорат органлари ва бошқа мутасадди идораларнинг масъулиятини янада ошириш тўғрисида»ги 107-ф-сонли қўшма фармойиш қабул қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Toshkent panoramasi. Foto: Guidecity / Wikipedia

Тошкент панорамаси. Фото: Wikipedia

Унда Тошкент шаҳрининг янада гўзал ва мафтункорлиги, осойишталиги ва ободлиги йўлида ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши, шунингдек, ҳукумат томонидан бу борада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига сўзсиз риоя қилиниши, озодалик ва тартибни сақлаш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини янада яхшилаш, ҳар бир бино, иншоот ва уй-жойларни талаб даражасида сақлаш олдимизда турган устувор вазифалардан бири эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Шу муносабат билан масъул идора ходимларининг шаҳар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда санитар аҳволини яхшилаш борасида тегишли чораларни жонлантириши, туман ҳокимликлари томонидан бу борада мунтазам мониторинглар ўтказиб борилиши лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, фуқароларнинг мулкини, давлат ва жамоат тартибини ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида туман Ички ишлар бошқармаларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларида белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлашга ва унинг олдини олишга қаратилган ишларни жадаллаштириш юкланди.

Туман Давлат солиқ инспекцияларига фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни, турар ёки нотурар жой (офис)ни ижарага беришнинг барча ҳолатларида белгиланган тартибда шартномаларнинг тузилиши ва давлат бюджетига солиқларнинг тўланишини таъминлаш, Давлат солиқ идоралари ходимларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 159-1-моддаси (фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик) бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан қатъиятлилик билан кескин чоралар кўриб, бу борада ИИБ ва маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш вазифаси топширилди.

Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари ҳамда ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг эътибори якка тартибдаги уй-жой массивларида фуқаролар томонидан амалдаги ва лойиҳадаги йўллар устини, муҳандислик иншоотларининг муҳофаза ҳудудларини, уй-жойлар атрофидаги бўш ер майдонларини ўзбошимча эгаллаш, туташ ва бошқа ер майдонларида ўзбошимчалик билан ҳар хил турдаги қурилмаларни қуриш, фуқаролар томонидан кўп қаватли турар жойлардаги хонадонларни ва ёрдамчи хоналарни белгиланган тартибларга зид равишда реконструкция қилиш, хонадон параметрларига ўзгартиришлар киритиш ва бошқа ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган ишларда ходимларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилди.

Тошкент шаҳар Давлат-архитектура назорати инспекциясига шаҳарсозлик фаолиятининг барча субъектлари томонидан архитектура-шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ҳамда стандартлари аҳоли ҳаёт ва фаолият муҳити сифатининг асосий кўрсаткичларини, ижтимоий-иқтисодий, табиий-иқлимий ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштириш, аҳоли пунктларини режалаш ва қуриш борасида қўйиладиган санитария-гигиэна талабларини, техникавий талабларни, фойдаланишга оид, ёнғиндан сақлашга қаратилган ва бошқа талабларнинг сўзсиз ижро этилиши юзасидан тегишли назоратни кучайтириш, қонун ҳужжатларини бузган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриб борилишини таъминлаш вазифалари юкланди.

Туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокорларига атроф-муҳитни соғломлаштириш, овқатланишни, меҳнат, турмуш, дам олиш, таълим-тарбия бериш шароитларини яхшилашга қаратилган қонунчилик, санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши ташкилий тадбирлар мажмуини амалга ошириш асосида фуқароларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳуқуқларини кафолатлаб, халқ хўжалиги объектлари, технология ускуналарини ва асбобларини, транспорт воситаларини ривожлантириш, жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш чоғида атроф-муҳит омиллари аҳоли саломатлигига зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган фаолиятининг устуворлиги таъминлаши ҳамда профилактика қилиш йўллари билан аҳолининг санитария маданияти даражасини оширишга эришилиши қайд этилди.

Шунингдек, давлат идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъий назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиэна нормативларига риоя этишлари устидан давлат санитария назоратининг қатъиятлик билан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Тошкент шаҳар Давлат ветеринария бошқармасининг туман бўлими раҳбарларига давлат ветеринария бўлими ходимлари ўз ваколатлари доирасида идоравий мансублиги ҳамда мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг фаолиятида ветеринария-санитария назоратини ҳамда бу борадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга ошириб, Ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши кўрсатиб ўтилди.

«Ўздаврақобатқўмитаси» Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси зиммасига реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва реклама тарқатувчилар томонидан Тошкент шаҳрида ташқи реклама алоҳида махсус конструкцияларда, тахталавҳаларда, экранларда, биноларда, иншоотларда, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянчларида ўрнатилганида, шаҳар ободончилигига, архитектура ва ташқи кўринишига мос келган ҳолда, кўча ёритгичларининг таянчларида ҳамда кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштириш, хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилган ҳолда ва йўл белгилари, светофорлар, чорраҳалар, пиёдаларнинг ўтиш жойлари, умум фойдаланишдаги транспорт воситалари бекатларини тўсиб қўймаган ҳолда ўрнатилишини назоратга олиб, реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмани ўз вақтида бажармаганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш юкланди.

«Ўздавнефтгазинспекция» ҳамда «Ўздавенергоназорат» инспекциясининг Тошкент шаҳар бўлими, шунингдек, барча туман газ фойдаланиш хизматлари ва электр таъминоти корхоналари раҳбарларига умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, шунингдек, электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ишларни ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда амалга оширишнинг ташкиллаштирилиши, ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан муросасизлик билдириб, қонуний чоралар кўрилиши таъкидланди

Туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раисларига ҳудудда тозалик ва озодаликни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада яхшилаш ҳамда аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган профилактик чоралар кўриб бориш, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган ишларни жадаллаштириб, маҳалла ҳудудида паспорт тизимига риоя қилиш, уй-жойларни ноқонуний ижарага бериш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан тарғибот ишларининг янада кучайтирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Жиноят ишлари бўйича туман суди раислари ҳамда Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш Департаменти туман бўлимининг катта суд ижрочиларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шунингдек, бошқа мутасадди идоралар томонидан коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳамда санитария ва ветеринария қоидаларини, шаҳарсозлик ва паспорт тизимига оид қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун юборилган маъмурий жавобгарлик ҳақидаги ишлар кўриб чиқилиб, қонуний қарорлар қабул қилиниши ва ҳуқуқбузарлардан уларга жазо тариқасида тайинланган жарималарни ўз вақтида ундириш чораларининг кўрилиши белгиланди.

Туман ҳокимлари ва туман прокурорларига тумандаги масъул назорат-текширув идораларининг маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлари юзасидан доимий мониторинг олиб бориб, уларга бириктирилган ҳудуднинг санитария аҳволи ва ободонлаштириш ҳолатини инобатга олган ҳолда улар фаолиятига баҳо бериб борилиши, ҳудуддаги назорат-текширув органлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши ва фармойишда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилиб, бу борадаги ишлар юзасидан мунтазам равишда таҳлиллар ўтказилиши таъкидланди.

Барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда бошқа коммунал соҳадаги мутасадди идора раҳбарларига коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳамда санитария ва ветеринария қоидаларини, шунингдек, шаҳарсозлик ва паспорт тизимига оид қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни таъминлашда ходимларнинг масъулиятини янада ошириб, бу борадаги аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини бунданда кўтаришга эришилиши, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг масъул ходимлари ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштиришда ўз хизмат кийимларида бўлишларининг таъминланиши алоҳида кўрсатиб ўтилди.