Ўзбекистон пойтахти ҳокимияти газетаси «Тошкент оқшоми» шаҳар аҳолисини дайди ит ва мушуклар  муаммосига беэътибор бўлмасликка ва улар ҳақида Ободонлаштириш бош бошқармасига хабар беришга чақирди, деб ёзади «Газета.uz».

Foto: gazeta.uz

Фото: gazeta.uz

21 июлдаги мақолада газета ҳукумат томонидан тўрт йил аввал қабул қилинган «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг ижросини танқид остига олди.

«Шу қарор асосида шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари, шаҳар ва туман давлат ветеринария бўлимларининг итларни тутиш бригадалари негизида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ҳам ташкил этилган, — дейилади мақолада. — Бироқ бундай профилактика ишлари кўлами катта шаҳар учун етарли даражада эмас. Модомики, масалага янада жиддий ёндашиб, отряд ва бригадалар ишини янада кучайтириш, шаҳарнинг барча жойларини қамраб олишга ҳаракат қилиш лозим бўлади. Ана шундагина кутилган натижага эришишимиз мумкин».

Мақолада таъкидланишича, кўпқаватли уйлардаги хонадонларда инсон учун яшаш шароитлари муҳайё қилинган, ҳайвон учун эмас. «Аввало, одам уйига оёқ кийимини ечиб киради. Ит ёки мушук, кўчада нимани босиб келганидан қатъи назар, уйга шундоқ кираверади. Энг ёмони улар теккан озиқ-овқатни истеъмол қилиш одам учун кўпдан-кўп касалликларни келтириб чиқариши мумкин ва ҳоказо», — деб ёзади газета.

Бундан ташқари, кўпқаватли уйда ит ёки мушук боқилаётган хонадондан анқийдиган ҳид, итларнинг вақт-бемаҳалда вовуллаши қўшниларни ҳам безовта қилиши тилга олиниб, бу ўринда бир кишининг манфаати бошқаларнинг, яъни кўпчиликнинг манфаатига зид келиб қолиши таъкидланади.

«Қабул қилинган қарор бор. Тартиб-қоидалар қатъий қилиб ўрнатилган. Аммо ҳамма вақт ҳам ёки ҳамма жойда ҳам шуларга амал қилавермаймиз. Буни ким назорат қилади? Қандай қилиб одамларни шу қоидаларга қатъий риоя этишга кўниктирамиз? — дейилади мақолада. — Буни мутасадди ташкилот, ҳар ким ўйлаши керак. Жамоатчилик эса бир четда томошабин бўлиб турмаслиги лозим».