Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Германиянинг Галле шаҳрида бўлиб ўтган халқаро «Кимёгарлар кубоги»да 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.

Foto: “12news.uz”

Фото: «12news.uz»

Финал баҳсларида Ҳасанбой Дўсматов (49 килограммгача бўлган вазн тоифасида) мўғулистонлик Ганхуаг Ган-Ерден устидан, Аброржон Қодиров (52 килограммгача бўлган вазн тоифасида) франциялик Эли Конка устидан, Баҳодир Жалолов (91 килограммдан ортиқ вазн тоифасида) германиялик Макс Келлер устидан ғалаба қозонди.

Муроджон Аҳмадалиев (56 килограммгача бўлган вазн тоифасида) финалда германиялик Шараф Раманга, Бургут Ҳожибоев эса (60 килограммгача бўлган вазн тоифасида) голландиялик Энрико Лакрузга мағлуб бўлиб, кумуш медаль эгасига айланди.

Исроил Мадраимов (69 килограммгача бўлган вазн тоифасида) ва Рустам Тўлаганов (91 килограммгача бўлган вазн тоифасида) мусобақанинг бронза медаллари билан тақдирланди.