Пентагон F-35 қирувчи самолётининг 25 миллиметрли тўпидан жанговар аслаҳалардан фойдаланган ҳолда ўқ отилишини биринчи бор намойиш этди. Синовлар акс этган видео АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг YouTube'даги расмий каналида жойлаштирилди. Бу ҳақда BGR портали хабар бермоқда.

Foto: f35.com

Фото: f35.com

Порталнинг таъкидлашича, бешинчи авлод қирувчи самолёти қаноти остига яширинган GAU-22/А тўпининг тезлиги сонияда 55 та ўқ отишга тенг. F-35 бортидаги аслаҳалар захираси атиги 220 дона эканлигини ҳисобга олса, уларнинг барчасини тўрт сонияда тугатиш мумкин. Қирувчи 26 июль, якшанба куни якунига етган Висконсин штатидаги AirVenture 2015 авиашоусида илк бор оммага кўрсатилди.

Маълумотларга кўра, фойдаланишга тайёр F-35 қирувчилари АҚШ денгиз пиёдалари корпуси авиация қисмлари ихтиёрига яқин ҳафталар мобайнида юборилади. Шунингдек, самолётни бир қатор давлатлар, жумладан, Буюк Британия ва Исроилга етказиб бериш юзасидан ҳам шартномалар тузилган.