Йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, Volkswagen жаҳоннинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияси мақомини Toyota’дан тортиб олди. Бу ҳақда «Eurointegration.com.ua» хабар бермоқда.

Foto: “consumerreportscdn.org”

Фото: «consumerreportscdn.org»

Япония автоконцерни 2015 йилнинг январь июнь ойларида 5,02 миллион дона автомобиль сотгани ҳақида ҳисобот берди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 1,5 фоизга, шунингдек, ҳисобот даврида 5,4 миллион машина сотган VW кўрсаткичларидан кам.

Toyota’нинг маълум қилишича, ярим йиллик савдолар якунига бозорлардаги ўсишнинг сустлашгани ва Японияда миникарлар учун солиқлар қиймати оширилгани таъсир қилган.

Reuters’нинг хабар беришича, Германиянинг Volkswagen концерни саккиз йиллик раҳбари Мартин Винтеркорн қўл остида янги брендлар ва заводлар, шунингдек, Хитойдаги мутассил ўсиш ҳисобига ўз фаолиятини кенгайтириб бормоқда.

2014 йили VW гуруҳи автомобиллари, жумладан, Audi ва Porsche каби қимматбаҳо моделларнинг савдоси қарийб икки баробар ўсиб, умумий 10 миллион донадан ошиб кетди, айни вақтда, фойда уч баробар ўсиб, 12,7 миллиард еврога етди.