Ўзбекистонда яқин ойларда кучли зилзилалар кутилмаяпти, дея хабар бермоқда «Газета.uz» республика Фанлар академияси Сейсмология институти директор ўринбосари Аҳмаджон Тўйчиевга таяниб.

Foto: gazeta.uz

Фото: gazeta.uz

«Институт мутахассислари томонидан ер қаърининг ҳолати йил бўйи мониторинг қилиниб турибди, у 20 та турли параметрлар бўйича олиб борилади. Мамлакатда зилзилаларни қайд этувчи 50 та сейсмик станция, ҳамда 12 та мажмуали прогноз станцияси фаолият юритади. Айни пайтда сейсмик фаоллик кучайганидан далолат берувчи аломатлар кузатилмаяпти», — деди у.

Аҳмаджон Тўйчиев таъкидлашича, Ўзбекистон шундай минтақада жойлашганки, у ерда доим зилзилалар бўлган, бўлмоқда ва бундан кейин ҳам бўлади. Бироқ ҳозирда аҳолининг хавотир олиши учун сабаблар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон фанлар академияси сейсмология институти жорий йили мамлакатнинг барча ҳудудларида зилзила хавфи ошишини тахмин қилган эди.