Борис Немцовнинг ўлдирилиши иши бўйича ҳибсга олинган Шадид Губашев аввал иқрор бўлиб берган кўрсатмаларини рад этди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.

Foto: TSN

Фото: «ТСН»

«Росбалт»нинг ўз манбасига асосланиб хабар беришича, сиёсий арбобнинг ўлдириши бўйича жиноят ишида айбини тан олган бирорта ҳам айбланувчи қолмади. Аввалроқ Заур Дадаев ва Анзор Губашев ҳам ўз кўрсатмаларини инкор этганди, ҳибсга олинганларнинг қолганлари эса дастлабки жараёндаёқ айбини тан олмаганди.

Вазиятдан бохабар манбанинг «Росбалт»га маълум қилишича, шу ҳафтага қадар Россия Тергов қўмитаси ходимлари айнан Шадид Губашевдан «катта умид» қилаётганди. У иқрор бўлиб берган кўрсатмалари терговчиларнинг қўлида бўлган жиноят ишининг ягона қатнашчиси бўлиб турган эди.

Россиялик сиёсий арбоб Борис Немцов 27 февраль куни ярим тунда Москва шаҳри марказида ўлдириб кетилган. Мазкур иш бўйича беш киши — Заур Дадаев, Анзор Губашев, Шадид Губашев, Тамерлан Эскерханов ва Ҳамзат Бахаев ҳибсга олинган. Яна бир гумонланувчи — Беслан Шаванов эса ҳибсга олишга уриниш вақтида ўзини граната воситасида портлатиб юборган.