Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш кунида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Сенаторларнинг таъкидлашича, кодекснинг янги таҳрири божхона ишларининг ягона ва бир хиллаштирилган қонунчилик базасини янада ривожлантириш, божхона маъмурчилигининг барча босқичлари ва даражаларида норма ҳамда ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, божхона томонидан тартибга солишнинг ошкоралигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Кодексда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган турли ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари, товарларни, шу жумладан, товарлар божхона ҳудудига келиб тушишидан аввал уларни декларациялаш ва расмийлаштиришда божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди, шунингдек, мазкур масалалар юзасидан божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилиш учун белгиланган муддатлар анча қисқартирилди.

Тижорат ва нотижорат мақсадларидаги транспорт воситаларини, шунингдек, товарларни божхона чегараси орқали қувур транспорти ва электр ўтказувчи линиялар орқали олиб ўтиш тартиби анча мақбуллаштирилди, божхона назоратининг янги шакллари жорий этилди.

Давлат божхона назоратининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими фаолиятининг тартиби норматив жиҳатдан мустаҳкамланди. Мазкур тартиб божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини сезиларли даражада қисқартиришни назарда тутади. Бу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомилларини анча енгиллаштиради.

«Янги таҳрирдаги Божхона кодекси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишнинг, ички бозорни сифатсиз ва контрабанда маҳсулотларидан ҳимоя қилишнинг, хўжалик юритувчи субъэктлар, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорлик корхоналарининг жаҳон бозорларига чиқиши учун қўшимча қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишнинг муҳим омилига айланади», — дейилади ЎзА ахборотида.

Шундан сўнг «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб чиқилди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида»ги, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилди.