Тошкент шаҳридаги «Тез тиббий ёрдам» станциясига бўладиган умумий қўнғироқларнинг 5 фоизини ёлғон чақирувлар ташкил этади. Бу ҳақда станция бош шифокори ўринбосари Элвира Ерманова «Даракчи» газетасига маълум қилди.

Foto: “Voha” gazetasi

Фото: «Воҳа» газетаси

«Аввал ёлғон чақирувлар сони жуда кўп эди, лекин рақам аниқловчи телефонлар ўрнатилгач, кўрсаткичлар тезда пасайди. Бу, биринчидан, ёлғон чақирувга ҳавасмандларни тўхтаца, иккинчидан, диспетчерлик хизмати ходимларида чақирувларни ким амалга ошираётганини билиш имкони бўлади», — дейди Ерманова.

«Агар тиббиёт ходимлари чақирилган жойга қуруқдан қуруқ бориб келса, биз милиция ходимларига хабар берамиз. Бундай ҳолатларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 199-моддасига биноан, энг кам иш ҳақининг бир баробаридан уч баробаригача миқдорида жарима солинади», — дея қўшимча қилди шаҳар «Тез тиббий ёрдам» станцияси вакили.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида 2015 йил давомида ўт ўчирувчиларни 14 марта «алдашгани» ҳақида хабар берилган эди.