Иштихон туманидаги «Иштихон пилла» компанияси мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказилгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.

Foto: Fars News Agency

Фото: Fars News Agency

Маълум бўлишича, компания бош ҳисобчиси ва директори ўзаро тил бириктирган ҳолда, 2010—2014 йиллардаги ҳисоботларни сохталаштиришлари оқибатида қасддан 265,44 миллион сўм миқдоридаги солиқларни тўлашдан бўйин товлаган.

Шунингдек, компания режа кўрсаткичлари бажарилмаган бўлса-да, вилоят «Пилла» ҳудудий бирлашмаси ва туман статистика бўлимига сохта маълумотлар тақдим этган ҳамда давлат ва жамият манфаатларига жиддий зарар етказган.

Хусусан, 2011 йилда ҳисоботларда 45,3 тонна, 2012 йилда 52,9 тонна, 2013 йилда 43,2 тонна, 2014 йилда эса 43 тонна пилла қўшиб ёзилган.

«Суд айбдорларга тегишли жазо тайинлади. Шунингдек, улар дастлабки тергов пайтида қасддан тўланмаган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлиқ тўлаб берди», — дейилади газета хабарида.