«Истиқлол» санъат саройида «Камалак юлдузлари» республика болалар ижодиёти фестивали ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир ва улар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Foto: O‘zA

Фото: ЎзА

Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга фестивалнинг якуний босқичида муваффақиятли иштирок этган ўғил-қизлар, уларнинг ўқитувчи ва мураббийлари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.

Фестивалнинг барча босқичида 6—14 ёшли 60 400 нафар иқтидорли ўғил-қиз ўз маҳоратини намойиш этди. Саралаш босқичларида ўқувчиларнинг мумтоз ва миллий мусиқа чолғулари ижрочилиги, анъанавий ва академик хонандалик, хореография, тасвирий ва амалий санъат, наср ва назм йўналишидаги истеъдод ва маҳорати таниқли санъаткор ва мутахассислар томонидан баҳоланди.

Лойиҳа доирасида Тошкентдаги кўргазма залларида болалар расмлари кўргазмаси, моҳир рассом ва ҳайкалтарошлар, уста ҳунармандлар, мусиқашунослар, режиссёрлар, шоир ва ёзувчилар иштирокида маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар бўлиб ўтди.

Фестивалнинг турли номинацияларида ғолиб бўлганларга диплом ва совғалар топширилди.