Ўзбекистонда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (пенсиялар, нафақалар, мукофотлар)ни нақдсиз кўринишда беришга ўтишни давом эттириш ҳисобидан, аҳолининг банк пластик карталаридан фойдаланишини янада кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда, «Газета.uz» хабарига кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида лойиҳаси эълон қилинган ҳукумат қарорида сўз боради.

Foto: “Gazeta.uz”

Фото: «Газета.uz»

Ҳужжатда пластик карта эгаларини ўз иш ҳақи ва бошқа тўловларини картага ўтказишга рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланган. Назорат-касса машиналари (НКМ) чеклари эгалари ўртасида совринли ўйинлар ўтказиш ва тижорат банклари томонидан совринлар топшириш — шундай чоралардан бири бўлиши мумкин.

Карталардан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида, хўжалик субъектларини 100 фоиз тўлов терминаллари билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилиши режалаштирилган. Мобил алоқа операторларига 3G алоқа станциялари сонини ошириш ва қамров ҳудудини, айниқса, чекка жойлар ҳисобига кенгайтириш ҳақида кўрсатма берилади.

Қарор лойиҳасида нақд пулли ҳисоб-китобларни давлат солиқ хизматларига онлайн равишда узатиб тура оладиган замонавий НКМларидан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш ҳам кўзда тутилган. Режага кўра, 2018 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо ва пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (хўжалик субъектларининг баъзи категориялари бундан мустасно) аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни фақат онлайн-НКМлар ёрдамида, шунингдек, уникал кодли чек чиқарувчи тўлов терминаллари орқали амалга ошириши керак.

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, режалаштирилаётган чоралар чакана савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги нақд пулсиз тўлов тизимини янада такомиллаштириш, пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасини камайтириш ва нақд пул тушуми яширилишининг олдини олиш, шунингдек, нақд пулли ҳисоб-китоблар устидан тезкор ҳисоб юритилиши ва назорат амалга оширилишини кенгайтиришга йўналтирилган.