Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 28 март куни бўлиб ўтган мажлисида Навоийдан сайланган сенатор Фахритдин Умаровнинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МСК сайтида хабар берилган.

Foto: Oliy Majlis Senati matbuot xizmati

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Фахритдин Умаровнинг сенаторлик ваколати унинг халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати ваколати тугатилганлиги муносабати билан тугатилган.

1964 йилда Навоий вилояти Кармана туманида таваллуд топган, асли қурувчи-муҳандис Фахритдин Умаров Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасига раислик қилиб келаётган эди.

2016 йилнинг март ойида эса Фахритдин Умаров Навоий вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари этиб тасдиқлангани ҳақида хабар берилган эди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 61-моддасига мувофиқ, бўшаб қолган ўринларга сенаторларнинг сайлови ҳудудий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида ўтказилади.