«Қўйсангчи!», «Бундай ўйлаб қарасам менга ‘невигодний’ экан», «Қарғадан маккадек-маккадек тер оқиб кетяпти!..». Бу унутилмас иқтибослар кулгунинг 99 турини, унинг қандай бўлишини ўргатиб кетган таниқли сўз устаси Ҳожибой Тожибоевга тегишли.

Журналист Феруз Муҳаммад унинг қизи — Интизор Тожибоева билан суҳбатлашиб, Ҳожибой Тожибоевнинг сўнгги кунлари қандай кечгани, таниқли сўз устасининг ўлимидан сўнг унинг шогирдлари санъаткорнинг оиласига қандай муносабат кўрсатгани ва Интизорнинг ижоддаги ўз йўли ҳақидаги саволларга жавоб олди.

Foto: “Daryo”

Фото: «Дарё»

— Ўзингиз ҳақингизда сўзлаб берсангиз: айни дамда нималар билан бандсиз, ўқиш, иш, оилавий ҳаётингиз қандай кечмоқда?

— Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида драма ва кино актёрлиги факультетининг биринчи курсида ўқийман. Оиламиздан фақатгина мен санъат йўлини танладим.

— Дадангизнинг сўнгги кунлари қандай кечган эди?

— Ўша вақтда мазалари йўқ эди, дадам шифокорлар назоратида эди. Анча йиллар даволанганлар, ‘Ҳали тузалиб кетсам, концерт бераман’, деб юргандилар. Улар ҳақида одамлар тарқатган гап-сўзлардан, миш-мишлардан жаҳлим чиқади.

— Қандай миш-мишларни назарда тутяпсиз?

— Асоссиз миш-мишларни айтяпман. Дадамни автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган дейишлари ёки кимдир ўлдирган деган ёлғон, бўлмаган гапларни эшитиш оғир ботади. Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги концертларида аҳволлари жуда оғир эди. Дадам ҳаёт бўлганларида 60 йиллик юбелейларини нишонлаган бўлар эдик.

— Дадангизни қайси шогирдлари унинг ўлимидан сўнг оилангизни қўллаб-қувватлаб турди?

— Тўғриси, ҳеч ким ёрдам бермаган.

— Аваз Охун: «Ҳожибой Тожибоев — устозим», деб кўп марта таъкидлаган. У ҳам йўқлаб турмаганми?

— Йўқ, йўқлаб турмаган.

— Наҳотки шогирдларнинг ҳеч бири ёрдам бермаган?

— Фақат «Шогирдиман!», деб гапиришни билишади, аммо уйимизни қаердалигини ҳам билишмайди. Дадамнинг қўштирноқ ичидаги шогирдлари ёрдам бериш уёқда турсин, оиламиз ҳақида маълумотга ҳам эга эмас.

Foto: “Daryo”

Фото: «Дарё»

— Аваз Охунни концертига борган эдингиз, адашмасам, онангиз ҳам борувдилар.

— Шахсан мен бормаганман, синглим билан онам борганлар.

— Дадангизнинг номидан фойдаланиб юрганларга нима деган бўлардингиз?

— Ҳар ким ўз йўналишида ижод қилишини хоҳлардим. «Ҳожибой Тожибоевнинг шогирдиман» деб ном чиқарганларнинг концертига бораётганлар, шубҳасиз, дадамнинг мухлисларидир. Ҳожибой Тожибоевни такрорламасдан, ўз йўналишларини топиб, ижод қилишларини сўраган бўлардим.

— Ҳар хил кулгу жамоалари отангизнинг ҳазилларидан фойдаланиб, чиқишлар қилади. Уларга муносабатингиз қандай?

—Эътирозим йўқ, улар дадамнинг номини эслаб ўтишади. Ҳар ҳолда жамоаларнинг йўналиши бошқача.

— Қийналганингизда дадангизнинг қайси сўзлари ёки ҳазиллари сизни олға қадам ташлашга чорлайди?

— Дадам вафот этганларида жуда ёш эдим. Хафа бўлганимда: «Интизорим, мен борман-ку, ҳаммаси яхши бўлади», дердилар. «Мен борманку!» деган гаплари ҳозирга қадар мени олдинга юришга ундайди. Мен учун дадам ҳар доим ҳаётлар.

— Қайси фильмларда суратга тушгансиз?

— «Ота» фильмида қиз невара ролини ижро этганман. «Сотқин» фильмидаги ролим «Ота» фильмидагидек катта бўлмаса-да, эсда қоларли: отаси туфайли гаровга олинган содда, 16 ёшли беғубор қиз ролини ижро этганман. Бундан ташқари, «Гаров», «Бегона» фильмларида ҳам суратга тушганман.

— Кинода яна қандай таклифлар бўляпти? Қайси режиссёрлар билан ишлаш сиз учун завқ бағишлайди?

— Таклифлар бўляпти, аммо ҳозир ўқиш билан бандман. Рустам Саъдиевни жуда ҳурмат қиламан. Улар билан ишлаш мароқли. Бу режиссёр билан яна ишлашни хоҳлардим. «Ота» фильмининг режиссёри Маъруф Отажонов ва «Бегона» фильмининг режиссёри Олим Сулаймоновларни ҳам жуда ҳурмат қиламан. Кинода илк қадамларимни шу инсонлар туфайли қўйганман.

Foto: “Daryo”

Фото: «Дарё»

— Санъатда қайси марраларни кўзлагансиз? Дадангиздек миллионлаб қалбларга кира оладиган шаҳдни ўзингизда сезасизми?

— Худди дадамдек машҳур бўлиш, миллионлаб инсонлар қалбидан жой олиш мушкул вазифа. Лекин мен астойдил ҳаракат қиламан. Қолганини вақт кўрсатади.