«Евровидение–2016» натижаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилган петицияга жавоб танловнинг Facebook’даги саҳифасида чоп этилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Foto: “TASS”

Фото: «ТАСС»

«‘Евровидение’ — бу бир танлов. Унда фақат битта ғолиб бўлиши мумкин. Бу йилги мусобақа якунларидан ҳамма ҳам рози эмаслигини тушунамиз, лекин натижалар субъектив ва кўпинча индивидуал фикр асосида аниқланадиган танловда норози одамлар ҳар доим топилади», — дейилади хабарда.

Танлов натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги таъкидланган видеолавҳа тадбир ташкилотчиси — Европа радио ва телеоузатиш иттифоқи (EBU) сайтида ҳам эълон қилинди.

«Евровидение»нинг саҳифасида танлов натижалари қоидаларга мувофиқ эканлиги боис ўзгаришларсиз қолиши яна бир бор таъкидланди.

«Украина 2016 йилги ‘Евровидение’ ғолиби ва шундай бўлиб қолади. Сиз бунга қўшиласизми, йўқми, биз петицияни имзолаганларни қоидаларга мувофиқ келувчи натижани қўллаб-қувватлашга ҳамда ‘Евровидение’ни янада мустаҳкамлаш ва яхшилаш йўллари бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга чақирамиз», — дейилади петиция муаллифларига йўлланган жавобда.

Илгарироқ EBU петициядан бохабар эканлигини ва бу бўйича текширув ўтказилиб, жавоб чоп этилишини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Евровидение–2016» финалида украиналик хонанда Жамала қрим татарлари депортациясига бағишланган «1944» қўшиғи билан ғалаба қозонди. Иккинчи ўринни австралиялик Дами Им, учинчи ўринни эса Россия вакили Сергей Лазарев эгаллади.

Аммо кўплаб мухлислар танлов натижаларини шубҳа остига олмоқда. Бу масалага бағишланган петицияни шу пайтга қадар 160 минг киши имзолади.