Хонанда Шоҳруххон «Даракчи.uz» нашрига берган интервьюсида Асал Шодиевага уйланаётгани ҳақида тарқалган миш-мишларни инкор этмади, аммо тасдиқламади ҳам.

Foto: “Uzclub.net”

Фото: «Uzclub.net»

Қуйида ушбу кичик интервьюни келтириб ўтамиз.

— Ўзбек оиласида келинни она танлайди. Сиз ҳам онангиз танлаган қиз билан оила қурган бўлармидингиз?

— Чиндан ҳам барибир онамлар танлайдилар, яъни ўзимиз топсак ҳам, уйга олиб бориб, уларга кўрсатиб, таништирамиз-ку! Албатта, уйдагиларнинг ҳам розилиги олинади, ҳамманинг фикрини, розилигини оламиз. Аммо, муҳаббатни ҳам унутмаслик керак, деб ўйлайман!

— Онангизга келиннинг қаерда ўқиши, касби, мавқейи, оиласи каби маълумотлар қанчалик муҳим? Чунки, ўзбек оиласида барибир суриштиришлар бўлади.

— Онамлар, «биринчи навбатда меҳрибон қиз бўлсин, сени юракдан яхши кўрсин, умрингнинг охиригача сен билан бирга бўладиган инсон бўлсин», дейдилар. Қолгани, менимча, муҳим эмас!

— Актриса Асал Шодиева билан фотосессиянгиз ҳам, босилиб қолган анча гап-сўзларни «жонлантирди»...

— Оилавий ҳаётда бўлаётган воқеалар, ҳамманинг ўз оиласида қолгани яхши, оммага ҳавола қилинмайди!

Аввалроқ Шоҳруххоннинг никоҳ тўйи 5 июнь, якшанба куни бўлиб ўтиши маълум бўлган эди. Аммо келиннинг кимлиги сир тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шоҳруххоннинг онаси Зебо Наврўзова Асал Шодиевани бўлғуси келинликка ўзи танлаганини тан олган, бироқ ўғли унга уйланиш-уйланмаслиги ҳақидаги саволга жавоб бермаган эди. «Улар бирга бўладими ёки йўқ, буни ҳаёт кўрсатади», — деган эди хонанданинг онаси.