Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида «Ўқувчи-ёшлар бўш вақтларининг мазмунли ташкил этилиши» мавзусида медиа-тур ташкил этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Foto: Xalq ta’limi vazirligi axborot xizmati

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Тадбир давомида журналистлар ёзги дам олиш масканларига қамраб олинмаган болаларнинг ёзги таътил давридаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ижроси билан танишди.

Медиа-тур иштирокчилари дастлаб тумандаги 72-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаси ҳамда бу ерда ташкил қилинган инглиз тили, мусиқа, «Ёш мусаввирлар», «Ёш китобхонлар», «Ёш дастурчи» тўгараклари фаолияти, ўтказилаётган спорт мусобақалари (қувноқ стартлар, волейбол, баскетбол, стол тенниси) билан яқиндан танишди.

Foto: Xalq ta’limi vazirligi axborot xizmati

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлик томонидан қабул қилинган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ёзги таътил даврида 3 миллиондан ортиқ ўқувчини маданий тадбирлар ва спорт мусобақаларига қамраб олиш имконияти яратилади.

Тадбир иштирокчилари туман ахборот-ресурс марказида ташкил этилган китобхонлик тадбирларининг ҳам гувоҳи бўлди. Шундан сўнг ОАВ вакиллари тумандаги болалар-ўсмирлар спорт мактабига ташриф буюриб, у ердаги спорт секциялари фаолияти билан яқиндан танишди. Жорий йилги ёзги мавсумда бу ерда 800 нафарга яқин ёшлар спортнинг бокс, ўзбек жанг санъати, юнон-рум кураши, турон якка кураши, гимнастика, шахмат-шашка, оғир атлетика каби 13 та тури бўйича мунтазам шуғулланмоқда.

Foto: Xalq ta’limi vazirligi axborot xizmati

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, журналистлар Ўртачирчиқ туман «Баркамол авлод» болалар марказида комплекс чора-тадбирлар асосида ташкил этилган қизиқиш бўйича тўгаракларни ҳам бориб кўрди. Медиа-тур доирасида журналистлар Ўртачирчиқ туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида олиб борилаётган мусиқа сабоқлари фаолияти билан танишди.

Тадбир якунида ОАВ ходимлари учун халқаро ва република танлов ғолиблари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.