Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаева 2016 йил 10 октябрь куни Тошкент марказида қад ростлаган «Минор» жомеъ масжидини зиёрат қилиш мақсадида ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги хабар берди.

Foto: O‘zbekiston Musulmonlari idorasi Toshkent shahar vakilligi

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги

Ушбу масжидни республиканинг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг бевосита тавсиялари ва ташаббуси билан 2013 йил 29 июлда Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида бунёд этилган. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаевани ЎМИ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар вакиллиги ходимлари ва масжид жамоаси кутиб олди.

Зиёратчилар даставвал масжидга ўзгача кўрк бағишлаб турган фаввора ва ҳудудда олиб борилган ободонлаштириш ишлари билан таништирилди. Шунингдек, масжиднинг ички ҳовлиси, ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги маъмурияти хонаси ва масжид хонақоҳини зиёрат қилди.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов масжиднинг қурилиш тарихи, масжид сиғими, юртимизнинг турли вилоятларидан келаётган зиёратчиларнинг юртимиз ва яқинда вафот этган юртбошимиз ҳақларига қилаётган дуоларини айтиб ўтди. А.Турсунов масжиднинг қурилиши Ўзбекистон Республикасининг биринчи Призиденти И.А.Каримов жанобларининг ташаббуси билан чиройли ва кўркам ҳолга келтирилганлигини, ушбу қилинган барча ишлар таҳсинга сазовор эканлигини таъкидлаб ўтди.

Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тиллаева «Минор» масжидига қилган зиёратидан мамнун бўлганини билдириб, биринчи Президентнинг 1992 йил Умра сафарида Саудия Арабистони қироли томонидан ҳадя қилинган кисвани масжид жамоасига ҳадя қилди. Ушбу каъбапўшнинг қадри яна шу билан баландки, ушбу кисва бир йил давомида Кабайи Муаззама ичида сақланган.

Зиёрат сўнгида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримовнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиниб, руҳи покларига бағишланди. Шунингдек, зиёратчиларга «Минор» масжиди номидан эсдалик совғалар топширилди.