Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Тошкент шаҳрининг туман ҳокимиятларидан юридик ва жисмоний шахслар учун Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни ва бутазорларни кесишга рухсатнома олиш учун электрон ариза юбориш янги интерактив хизмати ишга тушди. Бу ҳақда портал матбуот хизмати хабар берди.

Foto: Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali

Фото: Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Тўлов дарахтнинг диаметрига қараб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 ноябрдаги «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги 290-сонли қарорига кўра амалга оширилади. Дарахт ёки бута табиий сабаблар натижасида 80 фоиздан ортиқ ҳаётийлигини йўқотган бўлса, кесиш учун тўлов талаб қилинмайди.

Аризани кўриб чиқиш натижасида масъул шахслар дарахт ва бутазорларни ўрганиш учун жойига чиқиб текшириш ишларини олиб боради. Ўрганиш асосида аризачига рухсатномани олиш санаси ва жойи ҳақида хабарнома юборилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати — 15 иш куни.