Ташқи кўринишга баҳо беришда юз териси асосий кўрсаткичлардан бири экани кўплаб тадқиқотларда исботланган. Силлиқ ва тоза юз териси ҳақида ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз?

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Қанчалик ғалати туюлмасин, бу орзу ушалиши учун кўп вақт ва пул сарфлаш шарт эмас. Бир неча тавсияларга риоя этиш етарли.

1. Биринчи навбатда зарарли одатлардан воз кечиш керак. Сиз учун мустаҳкам соғлиқ, оппоқ тишлар ва тоза юз териси муҳимми ёки зарарли одатлар? Ўзингиз хулоса чиқаринг.

2. Тоза ҳавода кўпроқ вақт ўтказинг. Бунинг учун терингиз сизга фақат «раҳмат айтади». Бу терининг янгиланиши ва намланишига сабаб бўлади.

3. Ҳафталик рационингизга қайнатилган балиқ, ёнғоқ ва зайтун ёғини киритинг. Таркибидаги фойдали ёғлар туфайли улар терини янада майин қилиб, қариш жараёнини секинлаштиради. Ёғли таомлар ва зираворлардан эса воз кечиш керак бўлади. Улар юзага келтирадиган ошқозон билан боғлиқ муаммолар терига салбий таъсир кўрсатади.

4. Соғлом уйқу ҳам муҳим рол ўйнайди. Агар суткада 7 соатдан кам ухласангиз тери ҳужайралари янгиланишга улгурмайди, кўз остингизда қора ҳалқалар пайдо бўлади. Пардоз воситаларини ухлашдан олдин ювишни унутманг.

5. Идеал юз терисига эга бўлиш учун турли кремлар, ниқоблар харид қиламиз. Бироқ пардоз воситаларидан ҳаддан ортиқ фойдаланиш уни янада қуритиб юбориши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Улардан ақл билан фойдаланиш зарур.

6. Юз терисини озиқлантирувчи, ёшартирувчи ва намлантирувчи ниқоблар ижобий самара беради. Уларни ҳафтада бир марта қўллаган маъқул.

7. Агар юқоридаги усуллар бир неча ой давомида ҳеч қандай натижа бермаса, дерматолог шифокорга мурожаат қилишни тавсия этамиз. Аксарият ҳолларда тери ҳолати соғликнинг ички муаммолари билан боғлиқ бўлади.

Интернет манбалари асосида тайёрланди