У ёки бу маҳсулотларни харид қилишга ундаш учун маркетологлар қандай ҳийлаларни қўлламайди дейсиз. «Фойдали йогуртлар», «витаминларга бой шарбатлар», «кумуш кристалларга эга минерал сув» каби реклама шиорларини кун давомида бир неча бор эшитамиз. Улар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Foto: “NGS”

Фото: «NGS»

Қадоқланган шарбатларнинг организм учун ҳеч қандай фойдаси йўқлигини кўпчилик билади. Гап шундаки, уларнинг таркибида катта миқдордаги шакар, консервантлар ва бошқа зарарли моддалар мавжуд.

Янги сиқилган шарбатлар ҳам унчалик фойдали эмаслигини эшитиб ҳайрон бўлишингиз мумкин. Уларда сарҳил мевалардан фарқли равишда бириктирувчи тўқима — клечатка мавжуд эмас. Клечатка эса организм учун жуда фойдали саналади. Бундай шарбатларда ҳам шакар кўп бўлади.

Маркетологлар аксарият ҳолларда маҳсулотлар қадоғига катта ҳарфлар билан «0 фоиз ёғ» ёки «ёғсизлантирилган» деган ёзувлардан фойдаланади. Бундай маҳсулотда кўп миқдорда шакар бўлмаганда, улар ҳақиқатда фойдали бўлиши мумкин эди. Хулоса — барча йогуртлар ва қўшимчалар қўшилган твороглар соғлом маҳсулот эмас.

Кўпчилик фойдалироқ ва кўпроқ витаминга эга деб жигарранг шакарни истеъмол қилишни афзал кўради. Аслида бу ҳам унчалик тўғри эмас. Жигарранг шакарга кўпроқ ишлов берилади. Умуман олганда, ҳар иккала шакар тури ҳам таркиби жиҳатидан бир хил.

Яхна ичимликлардан кўп ҳолларда чойни танлаймиз. Бу ҳам навбатдаги найранг. Яхна чой ҳам ширин газланган ичимликлардан кўп фарқ қилмайди. Унинг таркиби шакар, шакар ўрнини босувчи моддалар, таъм кучайтиргичлар ва ранг берувчилардан иборат.

Алданиб қолмаслик учун қадоқдаги катта ҳарфлар билан ёзилган ёзувларга эътибор берманг. Маҳсулот таркибини диққат билан ўқинг. Харид қилинадиган таом ва ичимликлардан ўзингиз тайёрлаган маҳсулотларни афзал кўришни тавсия этамиз. Уларнинг таркибини сиз албатта аниқроқ биласиз.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.