Ҳашаматли тўй ҳар бир келиннинг орзусидир. Бу муҳим кунда ҳар бир қиз мукаммал кўринишни истайди ва бунинг учун ўз образининг энг кичик деталигача олдиндан ўйлаб чиқади. Кўйлак, макияж, соч турмаги ва аксессуарларга алоҳида эътибор қаратади. Тўй кўйлагига мос тақинчоқ танлашда нималарга аҳамият қаратиш керак?

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Аксессуар танлашдаги энг муҳим қоида — улар сизнинг либосингизга мос бўлиши лозим. Агар сиз эртаклардаги малика образини танласангиз, безаклар ҳам шунга мос бўлиши лозим. Булар колье, тиара ва билагузуклар бўлиши мумкин.

Бироқ тақинчоқлар сонини жуда ошириб юборманг. Яхшиси, улардан айнан бирига урғу беринг — бу колье ёки тиллақош бўлиши мумкин. Узукка келсак, тўй куни фақат никоҳ узугини тақишни тавсия этамиз.

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Шунингдек, сиз танлаган тақинчоқлар ташқи кўринишингизга қанчалик мослигига эътибор беринг. Универсал қоида мавжуд: қорачадан келган қизларга кўпроқ тилла, оппоқ қизларга эса кумуш мос келади. Шуни унутмангки, тақинчоқлар сизнинг никоҳ узугингиз қайси металлдан ишланганлигига қараб танланиши лозим.

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Агар қандай тақинчоқ танлаш борасида ҳамон иккиланаётган бўлсангиз, азалий классика марваридни танлашни тавсия этамиз. Унинг турли-туман шакллари ва ранглари тўй кўйлагингизга мосини танлаш имконини беради. Классик ранглар — оқ, тилла ранг ва қаймоқ ранглардир. Қаймоқ рангли марварид совуқ ранглар билан, тилла ранги эса иссиқ ранглар билан ажойиб тарзда мос тушади. Марварид тақинчоқ келинларнинг нафис ва романтик образига жуда мос келади.

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Тақинчоқ танлашда келин кўйлагининг ёқа қисми (декольте) ҳам муҳим рол ўйнайди. V-шаклидаги ёқали кўйлакка айнан унинг шаклини такрорлайдиган тақинчоқ, елка боғлари бўлмаган кўйлакка эса деярли барча тақинчоқлар мос келади.

Агар сиз танлаган кўйлак ёпиқ бўлса, бўйинга тақинчоқ тақмасдан, фақат зирак ва билагузук тақишни тавсия қиламиз.

Қандай либос ва безаклар танламанг, тўй куни сиз энг бетакрор келин бўлишингизга ишонамиз! 

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.