Нонушта овқатланишнинг энг муҳим қисми эканлиги барчамизга маълум. Бироқ эрта тонгда туриб, тўлақонли нонушта тайёрлашга баъзан эриниб қоламиз. Айниқса, кузда... Ҳаво совуқ, иссиқ кўрпадан чиққимиз келмайди.

Қуйида кечқурун тайёрлаб қўйиш мумкин бўлган мазали ва фойдали нонушта рецептларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Улар кўп вақтингизни олмайди, тонгда эса совуткичда сизни тўйимли таом кутиб туради.

Бананли десерт

Бананни шунчаки иккига бўлинг, устидан табиий ёгурт, мюсли ва бироз асал солинг. Кечаси билан мюсли ёгурт ва асал билан тўйиниб, тонгда ёқимли ва тўқ тутадиган десерт тайёр бўлади. Бу жуда оддий, мазали ва соғлом нонуштадир.

Энергетик батончалар

Foto: “Gastronom.ru”

Фото: «Gastronom.ru»

Зарур масаллиқлар

  • 1 стакан сули ёрмаси;
  • ярим стакан сули уни;
  • 1 ҳовуч қуруқ мева;
  • 2—3 бўлак аччиқ шоколаднинг қирғичдан ўтказилгани;
  • 1/3 стакан сут;
  • 1 ош қошиқ асал;
  • 1 ош қошиқ зайтун ёғи;
  • таъбга қараб туз ва корица.

Тайёрланиши

Барча қуруқ ва суюқ масаллиқларни алоҳида аралаштиринг. Иккала аралашмани бир-бирига қўшиб, бир хил шаклга киргунча яхшилаб аралаштиринг.

Тайёр хамирни пишириқ учун қоғоз тўшалган духовка листига 5—7 миллиметр қалинликда ёйиб, 180 даражагача қиздирилган духовкада 20 дақиқа пишириб олинг.

Иссиқ хамирни батончикларга кесиб, уларни ағдаринг ва яна 5—7 дақиқа духовкада қолдиринг.

Ёқимли иштаҳа!

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.