Мукаммал ташқи кўринишга эришиш учун аёллар қимматбаҳо пардоз воситалари учун кўп пул сарфлайди. Бироқ баъзида жуда қиммат маҳсулотлар ҳам уйда тайёрланган воситаларчалик натижа бермайди. Терини майин ва нафис қилувчи ҳамда ортиқча харажатларни талаб қилмайдиган шундай воситалардан бири муз бўлакларидир.

Foto: Flickr

Фото: Flickr

Ўтли дамламадан муз бўлакларини тайёрлашнинг универсал рецепти — бир стакан сувга бир ош қошиқ гул ёки ўт солиб тайёрлашдир. Ўтлар қайноқ сувга солиниб, яхшилаб аралаштирилади. Қопқоғини ёпиб, бироз дамлаб қўямиз. Дамлама тўлиқ совигандан кейин уни шаклларга қуйиб чиқиш мумкин.

Косметик муз бўлакларини терининг алоҳида хусусиятларига қараб танлаш лозим. Масалан, қуруқ юз териси учун ялпиз ва лимонўт фойдали ҳисобланади. Маврак, петрушка, бўйимодарон ҳақида ҳам унутманг. Қулмоқ (хмел) ва атиргул баргларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Ёғли тери учун саллагул ва туятовон асосида тайёрланган муз бўлакларини қўллаш мумкин. Сачратқи, қизилпойча, шунингдек, қирқбўғин ҳам айни муддао.

Normaл юз териси учун баргизуб, ялпиз, бинафша гул, маврак, дасторбошдан тайёрланган муз бўлаклари фойдали ҳисобланади.

Дорихонадаги мойчечак ҳам универсал вариантлардан. Мойчечак гуллари устидан қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйинг, совишини кутиб, сўнгра шаклларга тақсимлаб чиқинг.

Бундай муз бўлакчаларини бир неча марта қўллаганингиздан кейин терингиз мулойимлашгани ва майда ажинларнинг йўқолгани, кўз остидаги қора доиралар камроқ сезилаётганини пайқайсиз.

Асосийси, бундай дамлама учун водопровод сувидан фойдаланмаслик (фақат минерал ёки дистилланган сув) ҳамда терини ҳаддан ортиқ совитиб юбормаслик учун эҳтиёткорлик билан суриш ҳақида унутманг!

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.