Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан илгари сурилаётган номзод Ҳотамжон Кетмонов Наманган вилоятида навбатдаги сайловолди учрашувини ўтказди. Мазкур учрашув онлайн видео-конференция шаклида ташкил этилди. Бу ҳақда партия марказий кенгаши матбуот хизмати маълум қилди

Foto: O‘zXDP markaziy kengashi matbuot xizmati

Фото: ЎзХДП марказий кенгаши матбуот хизмати

Тадбирда номзоднинг ишончли вакили Ҳотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди. Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод — ЎзХДП марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмоновга берилди.

У ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари юзасидан йиғилганларга батафсил маълумот берди. Дастур партиянинг ғоя ва мақсадларига таяниши, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг парламентдаги кўпчилик — демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат деб эълон қилгани, шу боис мухолиф фракция сифатида илгари сурилган қатор ғояларга асосланиши таъкидланди.

Муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринларини яратиш, биринчи навбатда, минерал хом ашё ресурслари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни таъминловчи юқори технологик тармоқ корхоналари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларда меҳнатга лаёқатли аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, ушбу соҳаларга мамлакатда мавжуд бўлган бўш меҳнат ресурсларини фаол жалб этиш масалаларига дастурда устуворлик берилмоқда.

Сайловолди дастурида маҳаллий маҳсулот ҳисобига ички бозорни тўлдириш, нарх-наво ошишининг олдини олиш, товарлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти, бошқарув органлари масъулиятини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлди.